АҚШ президенти Дональд Трампнинг Гренландияни босиб олиш ҳақидаги таҳдидлари Данияни тобора хавотирга солмоқда.
Бу ҳақда Дания собиқ бош вазири ва НАТО собиқ бош котиби Андерс Фог Расмуссен Politico нашрига берган интервьюсида маълум қилди.
У Гренландия Даниянинг бир қисми эканлигини ва Гренландияликлар америкалик бўлишни хоҳламаслигини таъкидлади:
"Америка президентининг иттифоқчига таҳдид қилиши уятсизлик деб ҳисоблайман. Дания АҚШнинг энг яқин ва ишончли иттифоқчиларидан бири", - деди Расмуссен.
Унинг сўзларига кўра, сўнгги ўн йилликларда Қўшма Штатлар Гренландиядаги ҳарбий иштирокини фақат қисқартирган, гарчи у ерда базалар яратиш ҳуқуқига эга.
"Гап шундаки, Гренландия НАТОнинг бир қисмидир. Агар Қўшма Штатлар ўз мудофаасидан норози бўлса, биз мудофаа соҳасидаги ҳамкорликни кучайтирганимиз учун миннатдор бўлардик", - дея қўшимча қилди альянснинг собиқ бош котиби.