Марказий ва Ғарбий Осиё мамлакатларида музликларнинг тез эриши оқибатида сув танқислиги кучайиши мумкин. Бу ҳақда Осиё тараққиёт банки (ОТБ) томонидан ноябрь ойида эълон қилинган «Glaciers to Farms» номли тадқиқотда маълум қилинган.
Мутахассислар баҳолашича, XXI аср охирига қадар ҳаво ҳароратининг 3–5 даражага кўтарилиши минтақа сув мувозанатига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин. Музликларнинг эриши дарёлар сув оқимининг мавсумий тақсимотини ўзгартиради. Қурғоқчилик даврларининг узайиши эса қишлоқ хўжалиги, энергетика ва аҳоли учун қўшимча хавфларни келтириб чиқаради.
Тадқиқот музликлардан сув оладиган тўртта дарё ҳавзасини — Кура, Норин, Панж ва Сват дарёларини қамраб олган. Ҳисоботда глобал исиш, музликларнинг қисқариши ва сув ресурсларидан фойдаланиш имкониятларининг ўзгариши оқибатлари таҳлил қилинган.
Кўп йиллик музлоқ ҳудудларнинг емирилиши ҳам қўшимча хавф туғдиради. Бу кўчкилар, сел оқимлари ва музлик кўлларининг тўсатдан ёриб кетиши эҳтимолини оширади. Бундай табиий офатлар йўллар, кўприклар, тўғонлар ва ирригация иншоотларига зарар етказиши мумкин.
Хавфларни камайтириш учун Осиё тараққиёт банки сув омборлари ва суғориш тизимларини модернизация қилиш, сув йўқотилишини қисқартириш, тежамкор технологияларни кенг жорий этиш ҳамда гидрометеорологик мониторингни ривожлантиришни тавсия қилмоқда.
Шунингдек, давлатлар ўртасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилган. Чунки минтақадаги кўплаб йирик дарёлар бир нечта мамлакат ҳудудидан оқиб ўтади.
«Glaciers to Farms» кенг кўламли дастури доирасида 2026–2035 йилларда иқлим ўзгаришига чидамлиликни ошириш учун 3,5 миллиард долларгача инвестиция йўналтириш режалаштирилган. Ушбу маблағнинг 250 миллион доллари Яшил иқлим жамғармасининг имтиёзли молиялаштириш ва грант маблағларини ташкил этади.