Музликларнинг эриши натижасида денгиз сатҳининг кўтарилиши дунёдаги энг йирик шаҳарларни сув босиши хавфини туғдирмоқда.
Глобал иқлим ўзгариши денгиз сатҳининг кўтарилишига олиб келади. Олимларнинг огоҳлантиришича, аср охирига келиб дунёдаги энг йирик шаҳарлар сув остида қолиши мумкин.
Сайёрада «иссиқхона эффекти» туфайли ҳароратнинг ошиши ҳар икки қутбдаги музликларнинг тез эришига сабаб бўлмоқда. Масалан, Антарктидадаги Туэйтса музлигида ҳар йили 80 миллиард тоннага яқин муз сувга айланади. Гренландия музликлари эса океанга Антарктиданикидан икки баробар кўп муз «тўкади».
Бундан ташқари Алп, Анд, Ҳимолой тоғларида қор эрийди, бу маҳаллий экотизимларга салбий таъсир қилади ва чучук сув захираларини камайтиради.
Дунёнинг энг йирик мегаполислари иқлим ўзгаришидан янада кўпроқ хавф остида. Жакарта, Американинг шарқий соҳилидаги Нью-Йорк шаҳарлари ва қуёшли Майами сув тагида қолиш хавфи остида, деб ёзади Planet Today. Осиёда сув тошқини Шанхай ва Мумбайга таҳдид солмоқда, Европада эса Венеция, Амстердам ва Гамбургда каттароқ сув тошқинлари кутилмоқда.
Олимларнинг башоратларига кўра, 2100 йилга келиб, қирғоқбўйида жойлашган шаҳарлар ҳудудининг катта қисми ботқоқ бўлиб қолади ёки сув остида қолади, бу эса одамларнинг оммавий кўчишига сабаб бўлади.