Исроил разведка хизмати «Моссад» АҚШ Марказий разведка бошқармасига (ЦРУ) Эрон президенти Дональд Трамп ва унинг маъмуриятидаги юқори лавозимли амалдорларга суиқасд уюштиришга тайёргарлик кўраётган бўлиши мумкинлиги ҳақида маълумот берди.
Бу ҳақда Israel Hayom нашри Исроил ва АҚШдаги юқори лавозимли манбаларга таяниб хабар берди. Нашр маълумотларига кўра, эҳтимолий ҳужумларнинг бир нечта сценарийси кўриб чиқилмоқда.
Тахмин қилинаётган режалардан бири портловчи моддалар билан жиҳозланган учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланишни назарда тутади.
Israel Hayom таъкидлашича, Исроил разведкаси қўлга киритган маълумотлар яна бир Ғарб разведка хизмати томонидан ҳам текширилган.
Бироқ эҳтимолий операциянинг тафсилотлари, жумладан, ҳужумлар қачон ва қаерда амалга оширилиши мумкинлиги ошкор этилмаган. АҚШ расмийлари ҳозирча бундай режа мавжудлигини расман тасдиқламаган.
Хавф ҳақидаги хабарлар ортидан АҚШ ҳукумати маъмурият вакилларининг хавфсизлик чораларини кучайтирган.
Нашр маълумотларига кўра, юқори лавозимли айрим амалдорлар қўриқланадиган объектларга кўчирилган, улар иштирокидаги оммавий тадбирлар эса қўшимча чекловлар асосида ўтказила бошланган.
Эроннинг эҳтимолий суиқасд режалари ҳақидаги хабарлар Вашингтон, Теҳрон ва Тель-Авив ўртасидаги кескинлик сақланиб қолаётган бир пайтда тарқалди.