5 май тонгидан бошлаб Москва ва унга ёндош ҳудудлар аҳолиси МТС, “Билайн”, “МегаФон” ва Т2 мобил операторлари алоқасида узилишлар юз бераётганидан шикоят қилишди. “Билайн” компанияси алоқа узилишлари улардан мустақил бўлмаган сабабларга кўра юз бераётганини айтиб, фойдаланувчиларга Wi-Fi'дан фойдаланишни тавсия этди.
Москвада яшовчи аҳоли Фавқулодда вазиятлар бўйича ягона давлат огоҳлантириш ва бартараф этиш тизимидан махсус хабарнома олишгани ҳақида маълум қилишмоқда. Мазкур хабарда “9 май байрам тадбирлари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида интернетга киришда чекловлар бўлиши мумкинлиги” қайд этилган.
"Ҳозирда Москвада Ғалаба паради олдидан тайёргарлик машғулотлари ўтказилмоқда, алоқада узилишлар 9 майгача давом этиши мумкин", дея хабар бермоқда “Настояшее время”.