АҚШнинг Нью-Мексико штати суди ҳакамлар ҳайъати Meta корпорациясини фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларига кимлар кириш имконига эга экани ҳақида истеъмолчиларни чалғитганликда айбдор деб топди. Компания 25 миллиард доллар жарима тўлашга мажбур қилинди.
Нью-Мексико штати бош прокурори Meta компаниясига қарши даъвони 2021 йилда киритган. Бунга аввалроқ Cambridge Analytica компанияси Facebook’нинг учинчи томон иловаси орқали 87 миллион фойдаланувчининг шахсий маълумотларига эга бўлгани ҳақидаги маълумотлар сабаб бўлган.
Фаолияти тўхтатилган Cambridge Analytica компанияси 2016 йилги АҚШ президентлик сайловларида Дональд Трампнинг сайловолди кампанияси билан ҳамкорлик қилган ва мақсадли рекламаларни жойлаштиришда иштирок этган.
Прокурор Meta ушбу фаолиятга кўз юмганини таъкидлаган. Ҳакамлар ҳайъатининг аксарияти корпорация томонидан 43 миллионта қоидабузарлик содир этилгани ҳақидаги даъвони қўллаб-қувватлаган.
Нью-Мексико қонунчилиги ҳар бир қоидабузарлик учун 5 минг долларгача жарима белгилаш имконини беради. Дастлаб жарима миқдори 219 миллиард долларга етиши мумкин эди. Бироқ судья уни 25 миллиард долларгача камайтирди.
Бу сумма Meta компаниясининг 2025 молиявий йилдаги соф фойдасининг тахминан 41 фоизига тенг.
Бу Meta компаниясининг Нью-Мексико штатидаги биринчи йирик суд жараёни эмас. Март ва август ойларида ҳам компания болалар руҳиятига етказилган зарар билан боғлиқ ишлар бўйича кўп миллион долларлик жарима ва товон тўлашга мажбур қилинган.
Август ойи охирида эса Meta АҚШнинг бир қатор штатлари ва ҳудудлари иштирокидаги даъвони судгача ҳал қилишга рози бўлган. Келишув доирасида компания даъвогарларга 18 миллиард доллар тўлаш ва вояга етмаганларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини чеклаш бўйича янги, қатъий чораларни жорий этиш мажбуриятини олган.