Германия канцлери Фридрих Мерц Исроил бош вазири Беньямин Нетаньяху билан телефон орқали мулоқот қилиб, Эронга нисбатан мўтадилликка чақирди.
Бу ҳақда Германия ҳукуматидаги манбага таяниб, Reuters хабар бермоқда.
Маълумотларга кўра, чоршанба куни кечки телефон суҳбати чоғида Мерц Исроилнинг Эрон ядровий инфратузилмасига қарши ҳарбий ҳужумларини Германия томонидан фундаментал қўллаб-қувватлашини билдирган, бироқ можарога дипломатик ечим топиш муҳимлигини таъкидлаган. Агентлик манбасига кўра, Мерц ва Нетаньяху Ғазо секторидаги вазиятни ҳам муҳокама қилган. Германия ҳукумати Исроилни халқаро қонунларга риоя қилишга чақирди.
Ўз навбатида, DPA агентлиги суҳбат 20 дақиқа давом этганини ёзади. Мерц, унга кўра, Исроил дуч келаётган таҳдидни тушунишини билдирди ва Эрон ядро дастури тўхтатилиши ва можаро назорат остига олиниши зарурлигини таъкидлади.
Аввалроқ Германия, Франция ва Буюк Британия ("Европа Иттифоқи3") ташқи ишлар вазирлари Иоганн Вадефул, Жан-Ноэл Барро ва Дэвид Ламми 20 июнь куни Женевада эронлик ҳамкасби Аббос Арағчи билан Теҳрон ядровий дастури атрофидаги вазият бўйича музокаралар ўтказиши ҳақида хабар берган эди. Агентлик маълумотларига кўра, ушбу музокаралар олдидан евроучлик вакиллари Европа дипломатияси раҳбари Кая Каллас билан учрашади. Учрашув Германиянинг Женевадаги консуллигида режалаштирилган.