Мадриднинг «Реал» клуби ҳужумчиси Килиан Мбаппе АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтадиган 2026 йилги Жаҳон чемпионатида иштирок этиш истаги туфайли тиззасини операция қилдирмоқчи эмас. Бу ҳақда «AS» нашри хабар бермоқда.
Нашр маълумотларига кўра, франциялик форвард 2025 йилнинг декабрь ойидан бери тизза бойламларидаги муаммолардан азият чекмоқда. Аввалроқ Мбаппе Чемпионлар лигаси плей-офф босқичи доирасидаги «Бенфика»га қарши жавоб ўйинини (2:1) ўтказиб юборган эди. Шунга қарамай, ҳужумчи жарроҳлик амалиётига мурожаат қилишни истамаяпти, чунки бу унинг дунё биринчилигидаги иштирокини сўроқ остида қолдириши мумкин. Футболчи консерватив даволаниш вариантини танлаган.
Мбаппе 2024 йилнинг ёзидан бери «Реал» шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Бунгача у «ПСЖ» ва «Монако» клубларида тўп сурган. Жорий мавсумда ҳужумчи клуб миқёсида 33 та ўйинда майдонга тушиб, 38 та гол урди ва олтита голли узатмани амалга оширди.