Мамлакат ҳукумати фавқулодда вазиятларда ҳарбий бўлинмаларга эмас, балки асосий соҳалар ишига масъул бўлган мутахассисларни олдиндан белгиламоқчи.
Режалар ҳақида Литва Инқирозларни бошқариш миллий маркази раҳбари Вилмантас Виткаускас маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, захирага 100 мингга яқин киши кириши мумкин. Ушбу захира таркибига давлат хизматчилари, шифокорлар, муҳандислар, IT-мутахассислар, энергетика соҳаси ходимлари, логистика соҳаси вакиллари ва полиция ходимлари киради.
Ушбу мутахассислар учун тегишли рўйхатлар олдиндан шакллантирилиши кутилмоқда. Сафарбарлик пайтида улар соғлиқни сақлаш, энергетика, алоқа, логистика ва давлат бошқарувининг ишлашини таъминлаган ҳолда ўз соҳаларида ишлашни давом эттиришлари керак бўлади.
Уларга сафарбарлик ёки бошқа фавқулодда вазиятлар юзага келган тақдирда муҳим соҳаларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш вазифаси юклатилади.
«Одамлар бундай вазиятда ўз мажбуриятларини аниқ тушунишлари ва сафарбарлик режаларини амалга ошириш учун зарур бўлган вазифаларга эътибор қаратишлари муҳим,» - деди Виткаускас.