«Интер Майами» ҳужумчиси Лионель Месси яна жарима зарбасидан гол урди.
39 ёшли футболчи «Коламбус Крю» дарвозабонини ўткир бурчакдан йўлланган ажойиб зарба билан доғда қолдирди. Бу аргентиналик футболчининг фаолияти давомида жарима зарбасидан тўғридан-тўғри урган 76-голи бўлди.
The Touchline маълумотига кўра, бу кўрсаткич тарихдаги иккинчи натижа ҳисобланади. Биринчи ўринда 78 та шундай гол урган бразилиялик Марселино Кариока турибди.
Шу тариқа, Месси барча даврлар рекордини янгилаши учун жарима зарбасидан яна учта гол уриши керак, рекордни такрорлаши учун эса яна иккита гол етарли.
Мессининг голига қарамай, «Интер Майами» мағлубиятга учради. Жамоа ҳал қилувчи голни иккинчи бўлимга қўшиб берилган саккизинчи дақиқада ўтказиб юборди ва 1:2 ҳисобида ютқазди.
Лионель Месси 21 та гол билан чемпионат тўпурарлари пойгасида ҳамон пешқадамлик қилмоқда.