Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Шодиева оиласида мусибат юз берди. Актрисанинг онаси Гўзал ая ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда Раъно Шодиева ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали хабар берди.
Гўзал ая йиллар давомида эшитиш имконияти чекланган инсонлар билан боғлиқ тизимда фаолият олиб борган. У жуда ёшлигиданоқ Карлар жамиятида иш бошлаб, имо-ишора тили таржимони сифатида меҳнат қилган.
Кейинчалик у соҳада катта тажриба тўплаб, Ўзбекистон Карлар жамияти Марказий бошқарувига раҳбарлик даражасигача етган.
Раъно Шодиева ҳам айнан онаси орқали имконияти чекланган болалар ҳаётига яқиндан кириб келганини аввалги суҳбатларида эслаган эди. Дастлаб бу йўналишдаги тадбирларда онасини қўллаб-қувватлаш учун қатнашган актриса кейинчалик хайрия ишларини ўз ҳаётининг муҳим қисмига айлантирган.
Шодиеванинг айтишича, бу эзгу анъана оилада кейинги авлодга ҳам ўтган ва унинг қизи ҳам мазкур йўналишдаги ишларга бефарқ эмас.