Транспорт вазирлиги Россиянинг Москва шаҳридан Тошкентга автобусда қайтишни режалаштирган йўловчиларни фирибгарларлик ҳолатларидан огоҳлантирди.
Вазирликка кўра, сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда Москва шаҳридан Тошкентга «Uzautotrans Service» компаниясининг автобус қатновлари орқали қайтиш истагида бўлган йўловчилар фирибгарларнинг алдовига учраётганлиги билан боғлиқ ҳолатлар кузатилмоқда.
Таъкидланишича, фирибгарлар ижтимоий тармоқлар ҳамда YouTube каналларида «Uzautotrans Service» компанияси автобусларининг фото ва видео тасвирларидан фойдаланиб, қатновлар тўғрисидаги эълонларни жойлаштирмоқда. Улар йўловчиларга давлат томонидан ташкил этилган «Uzautotrans Service» компанияси автобусларида Тошкентга жўнатишини айтишади. Сўнгра гўёки кассаларда чипта қолмаганлиги ва чипталарни тўғридан-тўғри ўзларидан харид қилишлари лозимлигини айтиб, аслида белгиланган нархдан бир неча баробар қимматга чипта тақдим этишади.
“Энг ачинарлиси бир неча баробар қимматга чипта сотиб олган йўловчилар ноқонуний фаолият юритувчи автобусларга чиқариб юборилмоқда”, дейилади вазирлик хабарида.
Маълумот берилишича, «Uzautotrans Service» компанияси қатновларни Москва шаҳридаги «Новоясеневская» ҳамда «Котелники» автостанцияларидан «Тошкент» автовокзалига душанба ва пайшанба кунлари амалга оширади. Чипталарни мазкур автостанцияларнинг кассаларидан, уларга тегишли мобил илова ва сайтлар орқали онлайн тарзда харид қилиш мумкин.