Каспий денгизининг шимолида, Қозоғистоннинг Кулали ороли яқинида янги орол пайдо бўлди. Олимлар буни денгизда сув сатҳи пасайишда давом этаётганидан далолат берувчи хавотирли белги сифатида баҳолади. Бу ҳақда Khaleej Times хабар берди.
Янги қуруқлик ҳудуди яқинда ўтказилган аэрофотосуратга олиш жараёнида аниқланган. Сув сатҳининг пасайиши натижасида денгиз тубининг айрим қисмлари очилиб, янги ороллар ва қуруқликлар пайдо бўлмоқда. Эколог Данияр Акимжановнинг сўзларига кўра, Кулали ороли яқинида бундай ҳолат биринчи марта кузатилаётгани йўқ. Сўнгги тўрт-беш йил ичида бу ҳудудда бир нечта янги орол пайдо бўлган.
Улардан айримларининг узунлиги қарийб бир километрга, эни эса 200–300 метрга етади. Баъзи ҳудудларда ўсимликлар ўсиб чиққан, шунингдек, ёввойи чўчқалар ва бўрилар ҳам кузатилган. Бироқ мутахассислар янги оролларнинг барчаси сақланиб қолмаслиги мумкинлигини таъкидламоқда. Уларнинг келажакдаги ҳолати тўлқинлар, шамол, денгиз тубининг релефи ва Каспий денгизи сатҳининг ўзгаришига боғлиқ. Айрим ҳудудлар кенгайиши, материк билан туташиши ёки яна сув остида қолиши мумкин.
Каспий денгизида сув сатҳининг пасайиши, айниқса, унинг саёз шимолий ва шимоли-шарқий қисмларида, жумладан, Қозоғистон соҳилларида яққол кузатилмоқда. Каспий денгизи илмий-тадқиқот институти маълумотларига кўра, 1996 йилдан 2025 йилгача ушбу ҳудудда сув сатҳи тахминан 2,45 метрга пасайган.
Олимлар Каспий денгизида сув сатҳининг пасайишини иқлим ўзгариши ва инсон фаолиятининг таъсири билан боғламоқда.
Сув сатҳининг пасайиши нафақат денгизнинг географик кўринишига, балки унинг экотизимига ҳам таъсир кўрсатди. Бундан ташқари, денгизнинг саёзлашиши портлар фаолияти, кемалар қатнови ва балиқчилик учун ҳам хавф туғдиради.
Тадқиқотчилар Каспий денгизида сув сатҳининг 5–10 метрга пасайиши муҳим экотизимлар фаолиятини жиддий издан чиқариши, шунингдек, қиймати миллиардлаб долларга тенг фуқаролик ва саноат инфратузилмасига хавф туғдириши мумкинлигидан огоҳлантирди.