«Россия унга амал қилиш ниятида эканини кўрмадик». Каллас Москва энергетик сулҳ шартларига риоя қилишига шубҳа билдирди.
Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас Россия Украина билан энергетик сулҳга амал қилишига шубҳа билдирди. Бу ҳақда у бугун Люксембургда ЕИ ташқи ишлар вазирлари учрашуви олдидан маълум қилди.
«Агар энергетика соҳасидаги ўт очишни тўхтатишга ҳақиқатан ҳам амал қилинса, биз буни олқишлаймиз. Бироқ ҳозиргача Россия ҳам ушбу келишувга риоя қилиш ниятида эканини кўрмадик», — деди Каллас.
Аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трамп кутилмаганда Россия ва Украина энергетика объектларига ўзаро зарбалар беришни зудлик билан тўхтатиш ҳақида эълон қилган эди.
Украина президенти Владимир Зеленский ушбу ташаббусни олқишлади, бироқ ҳозирча АҚШ маъмуриятидан батафсил маълумот кутаётганини билдирди. Шу билан бирга, у Россиянинг ҳужумлари давом этаётганига эътибор қаратди.
Энергетик сулҳга бўлган умидлар фонида жаҳон бозорида нефть нархлари бироз пасайди. Душанба куни Brent русумли нефть нархи тахминан 0,5 фоизга арзонлаб, бир баррели 104 долларга тушди. АҚШнинг WTI русумли нефти эса 91 долларгача пасайди.