8–9 октябрь кунлари Жибути қирғоқлари яқинида 350 нафар мигрант бўлган қайиқ ағдарилиб кетди. Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) маълумотига кўра, камида 109 киши, жумладан, 15 нафар бола ҳалок бўлган, 116 нафардан ортиқ киши бедарак йўқолган.
Қайиқ Жибутидан Яманга йўл олган бўлиб, ҳодиса Обок шаҳри яқинида содир бўлган. 80 нафардан ортиқ эфиопиялик мигрант омон қолган. Ҳозирда қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда.
Африка шохи минтақасидан келган ўн минглаб мигрантлар Форс кўрфази мамлакатларида иш топиш ва яхшироқ шароитда яшаш мақсадида ушбу йўналишдан фойдаланади. Бироқ денгиз сафарининг хавфлилиги ва Яманда давом этаётган зўравонликлар мигрантлар учун жиддий хавф туғдирмоқда.