Ўзбекистонда жарима балли 12 баллга етган биринчи ҳайдовчи гувоҳномасидан айрилиш арафасида турибди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати маълум қилди.
“12,5 балл тўплаган эканман. 12 баллик тизим борлигига ишонмасдим. ЙҲХБга чақиришди. Ўз кўзим билан кўриб, баллик тизим ишлашига ишонч ҳосил қилдим. Менинг ишим энди суд орқали кўриб чиқиларкан. Ҳайдовчилик гувоҳномам “решат” бўлиши мумкин”, деган у.
ЙҲХХ маълумотига кўра, бу шахс Сурхондарё вилоятида истиқомат қилади.
Ҳозирда республика бўйича 11 нафар ҳайдовчи ҳисобидан 8-10 оралиқда жарима баллари бор. Уларнинг 5 нафари Тошкент шаҳри, 3 нафари Сурхондарё вилоятидан. Наманган, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида бундай қоидабузарлар сони ҳозирча бир нафардан.
Эслатиб ўтамиз, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 34-1-моддасига кўра, бир йил ичида жарима баллари 12 баллга етган ҳайдовчилар камида 6 ой муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинади.