Бугун 8 октябрь, 2026 йил, пайшанба

O'ZB

Нега Украинада Россия билан музокаралар ҳақида яна гапирила бошланди?

Нега Украинада Россия билан музокаралар ҳақида яна гапирила бошланди?

2 октябрь куни Украинанинг уч нафар таниқли сиёсатчиси Россия билан музокаралар орқали урушни тугатиш йўлини излашга чақирди. Айниқса, Украина Олий Радаси депутати, «Европа бирдамлиги» партияси аъзоси Алексей Гончаренконинг «мингта кичик келишув» ғояси эътиборга тушди.

Гончаренко Москва билан Украинанинг бетараф мақоми ва НАТОга қўшилмаслиги, санкцияларни қисман бекор қилиш, Украинада рус тили ва черковининг мақоми, шунингдек, Донбасснинг келажаги каби масалаларни муҳокама қилишни таклиф қилди. 5 октябрь куни эса «Европа бирдамлиги» парламент фракцияси Гончаренкони ўз сафидан чиқарди.

Украиналик сиёсатшунос Алексей Гарань бундай баёнотлар пайдо бўлишини бир неча омил билан изоҳлайди. Унинг айтишича, олдинда оғир қиш турибди, одамлар урушдан чарчаган, музокаралар ҳақида эса бугун ҳам Украина раҳбарияти, ҳам АҚШ президенти Дональд Трамп гапирмоқда.

Экспертнинг фикрича, айрим сиёсатчилар эҳтимолий келажак сайловлар арафасида сиёсий очко тўплаш мақсадида «паровоздан олдин югуришга» ҳаракат қилмоқда. Шунингдек, у бу баёнотлар жамиятнинг турли эҳтимолий келишувларга муносабатини текшириш учун қилинган «синов сигнали» бўлиши мумкинлигини истисно қилмайди.

Украинанинг Стратегиялар ва таҳлил маркази раҳбари Игорь Чаленко эса бу жараённи Абу-Дабида ўтказилиши режалаштирилаётган техник уч томонлама учрашувга тайёргарлик билан боғлайди. Унинг сўзларига кўра, учрашув эҳтимолий соҳавий сулҳ келишувлари, Дональд Трамп маъмуриятининг тинчлик режасини янгилаш ва Россияни музокара жараёнига жалб этиш масалаларига бағишланиши мумкин.

Чаленконнинг фикрича, сиёсатчилар баёнотларининг бир вақтга тўғри келиши жамиятнинг турли муроса сценарийларига, жумладан бетарафлик, тил ва черков масалаларига муносабатини текширишга қаратилган мувофиқлаштирилган ҳаракатга ўхшайди.

Бироқ украиналиклар Россия билан музокаралар ҳақида аслида қандай фикрда?

Киев халқаро социология институти (КМИС) томонидан 12–21 сентябрь кунлари ўтказилган сўнгги сўров Украина жамиятида «ҳар қандай нарх эвазига тинчлик» талаби борлигини тасдиқламайди.

Сўров натижасига кўра, украиналикларнинг 75 фоизи музокараларни урушни тугатиш воситаси сифатида қабул қилади, 21 фоизи эса бунга қарши.

Бироқ КМИС таъкидлашича, савол музокараларнинг ўзига муносабат ҳақида бўлган, ён беришларга тайёрлик ҳақида эмас.

Жумладан, респондентларнинг 69 фоизи амалдаги фронт чизиғи бўйлаб зудлик билан ўт очишни тўхтатишни фақат бир қатор шартлар асосида қўллаб-қувватлашга тайёр. Улар орасида Украина оккупация қилинган ҳудудларни юридик жиҳатдан Россияники деб тан олмаслиги, армиясини мустаҳкамлашда давом этиши ҳамда Европа Иттифоқи ва НАТОга қўшилиш курсини сақлаб қолиши каби шартлар бор.

Киритилди: 23:01 07.10.2026. Ўқилди: 460 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!