Италиянинг Generali суғурта гуруҳи Германиядаги бизнес фаолиятини кенг кўламда қайта ташкил этишни режалаштирмоқда. Унга кўра, келгуси тўрт йил давомида компаниядаги қарийб 800 та иш ўрни, яъни ходимлар умумий сонининг 9 фоизи қисқартирилади.
Bild газетаси хабар беришича, қайта ташкил этиш доирасида компаниянинг Ахен, Нюрнберг ва Штутгарт шаҳарларидаги филиаллари ёпилади. Ушбу филиалларнинг ходимлари бошқа ҳудудий бўлинмаларга ўтказилади.
Келгусида Generali Германиядаги фаолиятини бешта шаҳарда — Мюнхен, Кёльн, Карлсруэ, Гамбург ва Саарбрюккенда жамлашни режалаштирмоқда.
Ҳозирги вақтда концерннинг Германиядаги бўлинмасида қарийб 9,1 минг киши меҳнат қилмоқда. Компания раҳбарияти иш ўринларини қисқартиришни асосан мажбурий ишдан бўшатишларсиз амалга оширишни кўзламоқда. Бунинг учун пенсия ёши арафасидаги ходимлар учун қисқартирилган иш вақти дастурлари, режали пенсияга чиқиш, ходимларнинг табиий равишда ишдан кетиши ва меҳнат шартномаларини ихтиёрий равишда бекор қилиш каби усуллардан фойдаланилади.
Generali компанияси иш ўринларининг қисқартирилишини рақамлаштириш, янги технологиялар ва сунъий интеллектни жорий этишга йўналтирилаётган йирик инвестициялар билан изоҳлади. Ушбу чоралар меҳнат унумдорлигини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда. Bild маълумотларига кўра, компания бу мақсадлар учун юз миллионлаб евро сарфлайди.
Бундан ташқари, айрим ёрдамчи вазифаларни ташқи пудратчи ташкилотларга топшириш режалаштирилган.
«Ходимларни олдиндан хабардор қилиш, шунингдек, 2030 йил охирига қадар иш ўринлари ва амалдаги бўлинмалар сақланиб қолиши бўйича кафолатлар бериш орқали ўзгаришлар жараёнини олдиндан прогноз қилиш мумкин бўлган ҳолатга келтирмоқчимиз», — деди Generali компаниясининг кадрлар бўйича директори Арне Бенцин.
Дастурни амалга оширишнинг аниқ шартлари ҳозирда компания раҳбарияти томонидан ишлаб чиқариш кенгаши билан муҳокама қилинмоқда.
Компаниянинг Германиядаги бўлинмасини қайта ташкил этиш Generali’нинг бизнес жараёнларини соддалаштириш, автоматлаштиришни жадаллаштириш ва суғуртанинг энг даромадли йўналишларини ривожлантиришга қаратилган глобал стратегиясининг бир қисми ҳисобланади.
Generali компаниясининг Германиядаги раҳбари Стефан Леманнинг таъкидлашича, режалаштирилган ўзгаришлар компаниянинг келгусида даромадли ўсишига, шунингдек, мижозлар ва ҳамкорларга кўрсатиладиган хизматлар сифатини оширишга шароит яратади.