Тергов маълумотларига кўра, ўтган шанба куни Кортона шаҳридаги омборга ниқоб таққан камида етти нафар шахс кирган. Улар сигнализация ва кузатув камераларини ўчириб, кейин корхонага тегишли юк кўтарувчи техникалардан фойдаланган ҳолда виноларни иккита юк машинасига ортган. Ўғирлик ҳақида ходимлар душанба куни эрталаб ишга келганида хабар топилган.
Ўғирланган маҳсулотлар орасида Solaia, Tignanello ва Guado al Tasso номли машҳур винолар бор. Барча шишалар 2023 йил ҳосилидан тайёрланган. Жумладан, жиноятчилар Тосканадаги энг машҳур ва қиммат винолардан бири ҳисобланган Solaia'нинг тахминан 10 минг шишасини олиб кетган.
Вино турига қараб, бир шишанинг нархи 120–300 евро атрофида бўлиб, камёб намуналар анча қиммат туриши мумкин.
Компания раҳбари Ренцо Котарелланинг фикрича, ўғирлик ортида бошқа вино ишлаб чиқарувчи корхоналардаги шу каби жиноятларга ҳам алоқадор бўлиши мумкин бўлган профессионал жиноий гуруҳ турган бўлиши эҳтимолдан холи эмас.
У ўғирланган юк топилишига умид билдирган. Чунки бунча миқдордаги винолар ортилган иккита юк машинасини сезилмасдан сотиш осон эмас.