Истанбул шаҳрида Туркия жандармериясининг шаҳар бошқармасига тегишли, маҳбусларни ташиётган автобус йўл-транспорт ҳодисасига учраб, ағдарилди. Бу ҳақда Report нашри шаҳар маъмуриятининг X (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғидаги баёнотига таяниб хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳодиса оқибатида жами 19 нафар киши турли даражада жароҳат олган. Жабрланганлар орасида автобус ҳайдовчиси, 12 нафар маҳбус ва 6 нафар жандармерия ходими бор. Уларнинг икки нафари оғир аҳволда экани айтилмоқда.
Жароҳат олганлар шифохоналарга етказилган, уларга зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Ҳодиса сабаблари аниқланмоқда, тегишли идоралар томонидан текширув ишлари олиб борилмоқда.