Туркияда саломатлиги кескин ёмонлашган 19 ёшли Ўзбекистон фуқароси А.С. мамлакатга қайтарилди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси хабар берди.
Маълум қилинишича, 19 ёшли йигит Туркияга меҳнат қилиш мақсадида борган. Бироқ соғлиғи билан боғлиқ муаммолар туфайли ишини давом эттира олмаган ва Ўзбекистонга қайтишга қарор қилган. Шу мақсадда авиачипта харид қилиб, Истанбул аэропортига борган фуқаронинг аҳволи тўсатдан оғирлашиб, у ерда ҳушидан кетган.
Шундан сўнг у зудлик билан шаҳарнинг Башакшеҳир туманида жойлашган «Чам ва Сакура» шифохонасига етказилган ва шифокорлар назоратида тиббий муолажалар олган. Йигитни даволаш жараёнида келиб чиққан тиббий харажатларнинг бир қисми Туркияда яшовчи ва фаолият юритаётган ватандошлар кўмагида тўланган.
Бош консулхона ҳамда Миграция агентлиги ходимлари фуқаронинг ҳолатини назоратга олиб, унинг Ўзбекистонга қайтиши билан боғлиқ ташкилий масалаларни ҳал этган. Кўрилган чоралар натижасида А.С. юртга жўнатилди.
Дипломатик ваколатхона, ўз навбатида, ушбу вазиятда ёрдам кўрсатган фуқароларга миннатдорлик билдирди.