АҚШ таклиф қилган қисман сулҳ режасига Исроил ва Ҳизбуллоҳ розилик билдирганига қарамай, Ливан жанубида қуролли тўқнашувлар давом этмоқда.
Маълумотларга кўра, «Ҳизбуллоҳ» жангарилари Ҳаддата ва Баяда ҳудудларидаги Исроил танкларига ракета ҳамда артиллерия зарбаларини берган. Исроил ҳарбийлари эса Ливан ҳудудидан учирилган икки снаряд тутиб қолинганини маълум қилди. Ҳозирча қурбонлар ҳақида хабар берилмаган.
Ливан миллий ахборот агентлиги мамлакат жанубидаги бир нечта ҳудудларга Исроил томонидан ҳаво зарбалари берилганини маълум қилди. Деббин шаҳрида кучли портлаш қайд этилган.
Айни пайтда Вашингтонда Исроил ва Ливан ўртасидаги музокараларнинг тўртинчи босқичи давом этмоқда. Ливан делегацияси жанубий ҳудудларга қилинган ҳужумларни тўхтатиш ва Исроил қўшинларини ушбу ҳудуддан олиб чиқишга эришишни мақсад қилган.
Дональд Трамп икки томон билан мулоқот қилганини ва улар ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришганини билдирган.
Ливан расмийларига кўра, «Ҳизбуллоҳ» Исроилнинг Байрутга ҳужум қилмаслиги эвазига Исроилга қарши ҳужумларни тўхтатиш ҳақидаги АҚШ таклифига розилик берган.
Бироқ Биньямин Нетаньяху агар «Ҳизбуллоҳ» Исроил шаҳарлари ва фуқароларига ҳужумларни тўхтатмаса, Байрутга қарши зарбалар давом этишини таъкидлади. Шунингдек, у Исроил армияси Ливан жанубидаги ҳарбий операцияларни ҳам давом эттиришини маълум қилди.
Нетаньяхунинг айтишича, Байрут жанубидаги нишонларга зарба бериш ҳақидаги буйруқ «Ҳизбуллоҳ»нинг Исроилга қарши ҳужумларига жавоб сифатида берилган.