Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арағчи Исроил билан ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан бери АҚШнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Уиткофф билан бир неча бор телефон орқали гаплашган.
Бу ҳақда Reuters агентлиги исми ошкор этилмаган бир неча дипломатга таяниб хабар берди.
Уларнинг маълумотларига кўра, биринчи телефон қўнғироғи Вашингтон ташаббуси билан амалга оширилган. Қўнғироқ чоғида АҚШ махсус вакили Яқин Шарқдаги можарони ҳал қилиш бўйича янги таклиф билан чиқди. Бундан ташқари, жаноб Арағчи ва Уиткофф май ойи охирида Эронга етказилган АҚШ таклифини муҳокама қилди. У Эрондан ташқарида уранни бойитиш бўйича минтақавий консорсиум яратишни ўз ичига олади. Теҳрон ҳозирча бу таклифни рад этган.
Охирги музокаралар шу ҳафта бўлиб ўтди, дея хабар беради агентлик манбалари. Уларнинг сўзларига кўра, суҳбат икки давлат апрель ойида бошланган музокаралардан бери энг мазмунли бўлган. Жаноб Арағчи АҚШ махсус элчисига, агар АҚШ Исроилга ҳужумларни тўхтатиш учун босим ўтказса, Эрон "ядровий масалада мослашувчан бўлиши мумкин", деди. Акс ҳолда Теҳрон музокараларга қайтмайди, дея қўшимча қилди Эрон ташқи ишлар вазири.
Эслатиб ўтамиз, Эрон Ислом Республикасининг ядровий дастури бўйича АҚШ билан беш марта музокаралар ўтказган. Томонларнинг 15 июнга белгиланган учрашуви бекор қилинди, чунки бундан икки кун аввал Исроил Эрон ядро ва мудофаа саноати объектларига қарши “Кўтарилган шер” операциясини бошлаган эди. Шундан сўнг Эрон ва Исроил ўртасида ўзаро ҳужумлар бошланди.