Жиноятчи Исроил армияси Хон Юнусда доктор Алаа ал-Нажжорнинг 10 фарзандидан тўққизтасини ҳалок қилган ҳужумни "текшираётганини" маълум қилди. Ғазо расмийлари эса бегуноҳ болаларни ўлдириш исроиллик аскарлар учун "эрмак"ка айланганини таъкидламоқда.
Тўрт ёшли Муҳаммад Ясин озиқ-овқат етишмаслигидан вафот этди. Жаҳон озиқ-овқат дастури Ғазода 70 мингдан ортиқ бола оғир тўйиб овқатланмаслик ҳолатига дучор бўлганидан огоҳлантирмоқда.
Расмийлар маълумотига кўра, Исроил чоршанба кунидан бери Ғазога фақат 100 та ёрдамга тўла юк машинасининг киришига рухсат берган. Бу миқдор анклавнинг икки миллион аҳолисига ёрдам бериш учун зарур бўлган миқдордан анча кам.
Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар беришича, Исроилнинг Ғазога қарши уруши оқибатида камида 53 901 фаластинлик ҳалок бўлган, 122 593 нафари яраланган. Ҳукумат матбуот хизмати вайроналар остида бедарак йўқолган минглаб одамлар ҳам ҳалок бўлгани тахмин қилинаётганини айтиб, қурбонлар сонини 61 700 дан ортиқ кишига етказди.