Исроил армияси бош штаби бошлиғи Эял Замир Бенямин Нетаняху ҳукуматини қуролли кучларда аскар етишмаслиги ҳақида маълум қилди. Бу ҳақда Yedioth Ahronoth газетаси ёзмоқда.
Нашрнинг ёзишича, Замир кадрлар танқислиги Исроил армиясининг Ғазо секторида ўзига юкланган вазифаларни бажариш имкониятларини чеклаши мумкинлигидан огоҳлантирган.
Ходимлар билан боғлиқ муаммоларга қарамай, Замир Ғазо секторидаги қуруқликдаги операцияларни кенгайтириш ғоясини қўллаб-қувватлади.
Исроилдаги аноним манбанинг нашрга айтишича, Бош штаб бошлиғи вазият ҳақида очиқ гапирмоқда ва раҳбариятни “хаёллардан” воз кечиб, содир бўлаётган воқеаларга реал қарашга чақирмоқда.
Газета, шунингдек, 2023-йил 7-октябрдан бери давом этаётган ҳужумларга қарамай, ХАМАС ҳаракати Ғазо секторининг катта қисми устидан назоратни сақлаб қолганини таъкидлайди.
Исроил 18-март куни ўт очишни тўхтатиш ва асирларни алмашиш бўйича илгари имзоланган келишувни бузган ҳолда Ғазо секторига ҳужумларни қайта бошлади.
Маҳаллий ҳукумат маълумотларига кўра, ўшандан бери 1574 фаластинлик ҳалок бўлган. Улар орасида асосан кексалар, аёллар ва болалар бор. Яна 4115 киши жароҳатланган.
2023-йилнинг 7-октябр куни ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан буён Ғазода жами 50 944 киши ҳалок бўлди, ярадорлар сони 116 156 нафарга етди.
Исроил ўт очишни тўхтатиш бўйича янги таклифларни рад этди ва кучини ошириб, ХАМАСга қарши ҳарбий ҳаракатларни давом эттириш ниятини билдирди.
Хамас бунга жавобан Исроилни ваъдаларини бузганликда ва “ишончли шахслар назорати остида Фаластин халқига қарши геноцидни” қайта бошлаганликда айблади.
Кузатувчилар янги ҳужумлар тўлқини Исроил ичидаги сиёсий инқирозга, жумладан, Бош вазир Бенямин Нетаняху ташаббуси билан бошланган Шин Бет раҳбарининг истеъфога чиқишига тўғри келганини таъкидламоқда.