Испания ташқи ишлар вазири Хосе Мануэль Албарес Брюсселда бўлиб ўтаётган Евроиттифоқ давлатлари ташқи ишлар вазирлари йиғилишида Исроилга нисбатан қатъий чоралар кўришни, жумладан, санкциялар жорий этишни талаб қилишини маълум қилди.
Йиғилиш бошланишидан олдинги чиқишида Албарес Евроиттифоқ ва Исроил ўртасидаги Ҳамкорлик битими амалини тўхтатишни, Исроилга нисбатан қурол-яроғ эмбаргосини жорий қилишни ҳамда Ғазода содир бўлаётган воқеаларга масъул бўлган Исроил расмийларига нисбатан шахсий санкциялар киритишни таклиф қилишини айтди.
«Исроил Ғазода геноцидни давом эттираётган бир пайтда, Евроиттифоқ санкциялар масаласида қатъият кўрсатиши шарт. Акс ҳолда, қолган барча ҳаракатлар бефойда бўлади», — деди Испания ТИВ раҳбари.
Албарес Исроилнинг ҳаракатлари халқаро ҳуқуқни бузиб, БМТга аъзо давлатларнинг ўт очишни тўхтатиш ва тинч аҳолини ҳимоя қилишга доир талабларини инкор этаётганини таъкидлади. У Европа ҳамкасбларини фақат баёнотлар билан чекланмасдан, аниқ чора-тадбирларга ўтишга чақирди.
Аввалроқ Евроиттифоқ Исроилга савдо имтиёзлари берадиган Ассоциация битимини қайта кўриб чиқиш жараёнини бошлагани ҳақида маълум қилинган эди. Бу ҳақда Брюсселда бўлиб ўтган Евроиттифоқ ташқи ишлар вазирлари учрашувидан сўнг ЕИнинг ташқи сиёсат бўйича раҳбари Кайя Каллас хабар берди.
«Биз бу жараённи бошладик. Исроил гуманитар ёрдамга тўсиқ бўлаётган ҳолатни бартараф этиши керак», — деди у.
Журналистларнинг саволларига жавоб берган Каллас аниқ натижалар кейинроқ маълум бўлишини, бироқ иш бошланганини таъкидлади. У Ғазода гуманитар ёрдам етказилиши яқин орада қайта тикланишига ва вазият яхшиланишига умид билдирди.
Евроиттифоқ ва Исроил ўртасидаги Ассоциация битими 2000 йилда кучга кирган бўлиб, сиёсий ва иқтисодий ҳамкорлик асосларини белгилаган. Евроиттифоқ Исроилнинг энг йирик савдо ҳамкоридир.