Покистон пойтахти Исломободдаги Покистон тиббиёт фанлари институти (PIMS) гинекология бўлимида содир бўлган ёнғин оқибатида камида 14 нафар янги туғилган чақалоқ ҳалок бўлди. Сўнгги янгиланган маълумотларда айнан 14 нафар қурбон қайд этилмоқда.
Шифохона маълумотига кўра, ёнғин вақтида бўлимда 15 нафар чақалоқ бўлган. Камида бир нафар чақалоқни қутқаришга муваффақ бўлинган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғин болалар палатасидаги кондиционер тизимида юз берган носозлик ёки компрессор портлаши оқибатида келиб чиққан. Ҳодиса эрталаб соат 7:00 атрофида содир бўлган.
Ёнғин ўчирилган, ҳудудда совитиш ва хавфсизлик ишлари олиб борилмоқда. Ҳодиса сабабларини аниқлаш учун расмий текширув бошланган. Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф ҳам зудлик билан тергов ўтказиш бўйича топшириқ берган.