Ўзбекистонда 2026 йилнинг 1-чорагида меҳнат фаолияти билан боғлиқ жами 198 та бахтсиз ҳодиса қайд этилди. Бу ҳақда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги маълум қилди.
Вазирлик маълумотларига кўра, ушбу ҳодисаларнинг 9 таси гуруҳий, 139 таси оғир оқибатли, 49 таси эса ўлим билан якунланган. Оқибатда 223 нафар фуқаро жабрланган бўлиб, уларнинг 146 нафари оғир тан жароҳати олган, 15 нафари енгил жароҳатланган, 62 нафари эса ҳалок бўлган.
Соҳалар кесимида энг кўп бахтсиз ҳодисалар саноат ва қурилиш тармоқларида кузатилган. Жумладан, саноат соҳасида 71 та, қурилишда 54 та, қишлоқ ва сув хўжалигида 9 та, транспортда 8 та, савдо ва хизмат кўрсатишда 8 та, таълимда 6 та ҳамда соғлиқни сақлаш тизимида 4 та бахтсиз ҳодиса содир бўлган.
Ҳудудлар бўйича таҳлил қилинганда, энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келиб, бу ерда 44 та ҳолат қайд этилган. Шунингдек, Сурхондарё вилоятида 36 та, Тошкент вилоятида 29 та, Навоийда 18 та, Бухорода 16 та, Андижонда 15 та, Самарқанд ва Сирдарё вилоятларида 13 тадан бахтсиз ҳодиса кузатилган.
Қорақалпоғистонда 10 та, Фарғона ва Қашқадарё вилоятларида 10 тадан, Наманганда 7 та, Хоразм ва Жиззах вилоятларида эса 5 тадан бахтсиз ҳодиса содир бўлган.
Маълумот учун, 2025 йилда Ўзбекистонда меҳнат фаолияти билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар оқибатида 248 нафар фуқаро ҳалок бўлган. Давлат меҳнат инспекцияси маълумотига кўра, ўтган йил давомида жами 849 та шундай ҳодиса текширилиб, расман ҳисобга олинган.