Ироқ ҳукумати мамлакат ҳудудида дронлар учирилган майдончаларни аниқлади. Ушбу ҳужумлар юзасидан суриштирувлар бошланди, Эронга олиб борувчи учта чегара ўтказиш пунктини ёпилди.
Al Jazeera мухбири Жек Ҳюсон ёпилган ўтказиш пунктларини санаб ўтди. Булар Басра вилоятидаги Шаламча, Майсан вилоятидаги аш-Шиб ва Дияла вилоятидаги Мандали пунктларидир. Нашр манбаларига кўра, Ироқ ҳукумати ҳужумни содир этганлар Эронга қочиб кетиши эҳтимолидан хавотирланиб, чегара пунктларини ёпишни буюрган.
Al Jazeera журналисти, шунингдек, Майсан вилоятининг жануби-шарқидаги ат-Таййиб чегара ҳудуди ҳам ёпилганини айтди. Бунга ҳудудда дрон учириш қурилмалари аниқлангани сабаб бўлган. Ҳозир у ерда қидирув ишлари олиб борилмоқда.
"Ироқ бош вазири Али ал-Зайдий Эроннинг чегара яқинида дронларни учириш платформалари топилгани бўйича қўшма текширув ўтказиш ҳақидаги сўровини маъқуллади", — деб хабар берди Ироқ Қуролли кучлари бош қўмондони матбуот котиби Сабоҳ ан-Нўмон.
Баёнотда дронлар қаердан топилгани ва уларнинг сони ҳақида қўшимча маълумотлар келтирилмаган. Бироқ бош вазир идораси аввалроқ ҳужум Майсан вилоятидан бошланганини маълум қилганди. Ал-Зайдий у ердаги ҳарбий қўмондонни ишдан бўшатган.
10 сентябр куни Саудия Арабистонининг Ҳўрмуз бўғозини айланиб ўтувчи асосий нефт қувури ҳисобланувчи Шарқ-Ғарб қувурига дронлар билан ҳужум қилинганди. Эртаси куни Саудия Арабистони эҳтиёт чораси сифатида қувур фаолиятини вақтинча тўхтатди. АҚШ президенти Доналд Трамп қувурга қилинган ҳужумлар ортида Эрон турган бўлиши мумкинлигини айтди.