Бугун 1 ноябрь, 2026 йил, якшанба

O'ZB

Ҳиндистонда этник тўқнашувлар оқибатида беш киши ҳалок бўлди

Ҳиндистонда этник тўқнашувлар оқибатида беш киши ҳалок бўлди

Ҳиндистоннинг шимоли-шарқида жойлашган Манипур штатида маҳаллий аҳоли ўртасида этник заминда юз берган тўқнашувлар оқибатида беш киши ҳалок бўлди.

Бу ҳақда маҳаллий полиция бугунги баёнотида маълум қилди.

«Иккита алоҳида ҳодиса оқибатида беш киши ҳалок бўлди. Шанба куни Нони туманида Куки қабиласига мансуб уч нафар эркак номаълум қуролли гуруҳлар ўртасидаги отишмада ўлдирилди.

Шу ҳафта бошида бедарак йўқолган шу жамоага мансуб яна икки нафар эркакнинг жасади якшанба куни эрталаб қидирув операцияси давомида Кангпокпи туманида топилди», — дейилади баёнотда.

Куки қабиласи вакиллари қотилликларда нага сепаратист гуруҳларини айблаб, бу ҳодисани «ўз она юртларида уларга қарши амалга оширилган очиқдан-очиқ ва ҳеч қандай сабабсиз ҳужум» деб атади.

Қотилликлар Манипур штати пойтахти Импхал ва бошқа ҳудудларда юз минглаб киши иштирок этган оммавий норозилик намойишлари фонида содир бўлди. Намойишчилар куки қуролли гуруҳлари ва Ҳиндистон ҳукумати ўртасидаги ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишувни бекор қилишни талаб қилган.

Асосан христиан динига эътиқод қилувчи куки ва нага қабилалари Ҳиндистоннинг олис шимоли-шарқий ҳудудидаги этник ерларга эгалик қилиш борасида узоқ йиллик низолар тарихига эга.

Киритилди: Бугун 17:10. Ўқилди: 315 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!