Ҳиндистон Кашмирдаги террорчилик ҳужумига Покистон махсус хизматларининг алоқадорлигини тасдиқловчи далилларни топди. Бу ҳақда The Hindustan Times хабар берди.
"Разведка маълумотларига кўра, Ҳиндистонга кўплаб махсус тайёргарликдан ўтган террорчиларни юбориш учун “мувофиқлаштирилган фитна” уюштирилгани аниқланган", дея хабар бермоқда нашр манбалари.
Қайд этилишича, ҳужум қилган беш кишининг шахси аниқланган. Улардан учтаси Покистон фуқаролари, қолган иккитаси эса Жамму ва Кашмир минтақасида яшовчи шахслар эканлиги маълум қилинган.
Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди Нью-Деҳли ҳар бир террорчини ва уларнинг ҳомийларини тинимсиз таъқиб қилишини таъкидлади.
22 апрел куни Ҳиндистонда тақиқланган “Қаршилик фронти” ташкилотига мансуб жангарилар Кашмирда сайёҳлар гуруҳига қарата ўқ узган эди. Турли оммавий ахборот воситалари маълумотларига кўра, ҳужум оқибатида 26 дан 28 кишигача ҳалок бўлган, ўнлаб инсонлар жароҳатланган.