Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова “Ташаббусли бюджет” доирасида пул йиғиш ҳолатлари кузатилса, педагогларни бу ҳақда хабар беришга чақирди.
Охирги йилларда мактаб ўқитувчилари, мактабгача таълим тизими ходимларини ўз фаолиятидан бошқа ишларга жалб қилиш, ортиқча ва асоссиз йиғди-йиғдиларга қарши курашиляпти, бу масалада мурожаатлар сони аввалгиларига нисбатан анча камайган.
Лекин тизимда баъзан жамоага нотўғри талаблар қўяётган, турли мақсадлар учун маблағ йиғиш топшириқларини бераётган, бир сўз билан айтганда ҳамон эскича фикрлаётган масъуллар ҳам учраб турибди.
Яқинда Қува туманидаги мактабларнинг бирида ўқитувчиларнинг ойлик маошидан «опен бюджет»да овоз йиғиш учун 700 минг сўмдан ушлаб қолишни талаб қилган директор билан меҳнат шартномасини бекор қилдик.
Бугун «Ташаббусли бюджет» лойиҳалари учун овоз бериш босқичи бошланди. Бу лойиҳа қисқа муддатда очиқлик, фуқароларнинг бюджет жараёнида иштирокини оширишга хизмат қилиши билан эътиборга тушди. Бу ижобий ислоҳотларга ўқитувчи, таълим ходимларини мажбурий овоз беришга жалб этиш, улар маошидан пул йиғишлар билан соя солмайлик.
Яна бир бор эслатмоқчиман, педагогларни уларнинг вазифасига кирмайдиган ишларга жалб қилиш, турли мақсадлар учун маблағ йиғиш каби ҳолатлар билан ҳеч қачон муроса қилмаймиз.
Ҳурматли педагоглар, агар сиз шу каби ҳолатларга дуч келсангиз, вазирликка мурожаат қилинг, биз ҳар бир ҳолатни ўрганамиз, ўқитувчи ва МТТ ходимлари манфаатини ҳимоя қиламиз!