Маълумки, шу йилнинг 27 апрелида қўшни Туркманистон ҳудудидан кириб келган кучли шамол мамлакатимизнинг Бухоро, Қашқадарё, Навоий ва Самарқанд вилоятларидаги инфратузилма ҳамда ижтимоий объектларга жиддий зарар етказди. Табиий офатдан Бухоро вилоятининг Олот ва Қоракўл туманлари энг кўп зарар кўрди.
Мамлакатимизда табиий офат оқибатларини бартараф этиш бўйича тезкор чора-тадбирлар кўрилиб, бу ҳақида Президент фармойиши қабул қилинди. Шунингдек, турли акциялар орқали бутун мамлакатимиздан Бухоро вилоятига ёрдам кўрсатиш бошланди.
Жараёнда ҳарбий хизматчилар ҳам фаол бўлди. Улар аҳолининг уй-жойларини тиклаш, коммуникация воситаларини таъмирлаш, зарар етган инфратузилма ва ижтимоий объектлар фаолиятини қайта йўлга қўйиш ҳамда бошқа ишларда юртдошларимиз ёнида бўлиб, улар билан елкама-елка меҳнат қилишди. Фидойи ҳарбий хизматчилар бу билан тўхтаб қолмасдан, хайр-саховат борасида ҳам илғорлардан бўлишди.
Яъни Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари томонидан Бухоро вилоятида рўй берган табиий офат оқибатларини бартараф этишга ихтиёрий равишда 2,5 миллиард сўмдан ортиқ пул маблағлари йиғиб берилди. Тўпланган пуллар Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳисоб рақамига ўтказилди.