Бу ҳақда Ғарб разведкаси маълум қилди
CNN, Financial Times ва "Важные истории" нашрлари танишиб чиққан Европа Иттифоқи давлатларидан бирининг разведка ҳисоботига кўра, Кремлда Владимир Путинга нисбатан фитна ва суиқасд уюштирилиши, жумладан, дронлар қўлланилиши эҳтимолидан хавотир ортиб бормоқда.
Вазиятга жавобан Путиннинг хавфсизлиги кескин кучайтирилган. Федерал қўриқлаш хизмати президент маъмуриятидаги текширувларни қаттиқлаштирган, Путиннинг ҳаракатланишини чеклаган ва амалда уни ҳимояланган бункерлардан туриб ишлаш тизимига ўтказган. Россия президенти энди Москва вилояти ва Валдайдаги қароргоҳларига ҳам бормай қўйган.
Шунингдек, Путин билан бевосита алоқада бўлган ходимлар — ошпазлар, фотографлар ва қўриқчилар устидан назорат кучайтирилган: уларга оддий телефонлардан ва жамоат транспортидан фойдаланиш тақиқланган, уйларига эса кузатув тизимлари ўрнатилган. Ҳисоботда собиқ Мудофаа вазири Сергей Шойгу "вазиятни издан чиқарувчи эҳтимолий куч" сифатида кўрсатилган. Унинг собиқ биринчи ўринбосари Руслан Цаликовнинг 2026 йил мартидаги ҳибсга олиниши "элита хавфсизлигининг норасмий кафолатларига путур етказган".
Бундан ташқари, куч тузилмалари ўртасидаги зиддият кучайгани ва улар Украина махсус хизматлари ҳужумларидан ҳимоялана олмагани учун бир-бирини айблаётгани сабабли ички низолар хавфи ортгани қайд этилган, дейилади хабарларда.