Май ойи давомида Доғистон пойтахти Махачқалъа шаҳридан Тошкентга парвозлар кечикиши мумкин. Бу ҳақда Uzbekistan Airways матбуот хизмати хабар қилди.
Авиакомпанияга кўра, бу 1 майдан 31 майгача бўлган Махачқалъа — Тошкент рейсларига тегишли. Бу «Ҳаж-2025» дастурининг амалга оширилиши ва Махачқалъа халқаро аэропортида йўловчилар оқимининг кўпайиши билан боғлиқ, дея тушунтирди Uzbekistan Airways.
«Аэропортга етиб келишни олдиндан режалаштиришни ва парвоздан олдинги назоратдан ўтишда юзага келиши мумкин бўлган кечикишларни инобатга олишингизни сўраймиз», — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2025 йилги Ҳаж мавсуми 13 майдан бошланади. Зиёратчилар учун Тошкент, Бухоро, Наманган, Самарқанд, Қарши, Термиз, Урганч, Навоий ва Нукус шаҳарларидаги аэропортлар орқали Мадина шаҳрига тўғридан-тўғри парвозлар ташкил этилади.