DW нашрининг ёзишича, Мюнстер университетида ислом илоҳиёти факультети очилди. Бу нафақат Германия, балки бутун Ғарбий Европадаги давлат олий ўқув юртлари орасида ўз турига кўра биринчиси бўлди. Янги факултетга Мюнстер университети Ислом илоҳиёти маркази раҳбари, австриялик социолог ва диншунослик ўқитувчиси Муҳанад Хуршид декан этиб тайинланди.
"Менда ноёб тарихда иштирок этиш имконияти бор. Биз бу ноёб имкониятдан фойдаланиб, очиқ ва маърифатли ислом ҳимоячиси сифатида чиқиш қилмоқчимиз", – деди у DW нашрига.
Ислом илоҳиёти марказининг тўлақонли факултетга айлантирилиши илмий даражалар бериш ҳуқуқини беради ҳамда илмий ҳамжамиятда янада салмоқли ўрин эгаллашга имкон яратади. Бундан ташқари, бу ўзгариш тадқиқотлар учун ташқи молиялаштиришни жалб қилишни осонлаштиради.
Хуршид келажакда факултетда 500 нафаргача талаба таҳсил олишини кутмоқда. Унинг таъкидлашича, бутун Германия бўйлаб давлат мактабларида ислом дини таълимини жорий этиш жараёни кетмоқда ва бунинг учун мутахассислар талаб этилади.
Янги факултет ҳозирча эски бинода фаолият юритмоқда. 2027 йилда Мюнстер университетида католик, протестант, ислом илоҳиёти ва диншунослик факультетлари жойлашадиган "Динлар кампуси"ни очиш режалаштирилган, дейилади нашр хабарида.