3 январ куни эрталаб Анналена Бербок Жан-Ноэл Барро кутилмаган ташриф Дамашққа етиб келди. Улар Асад режими қулагандан кейин Сурияга ташриф буюрган илк Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирларидир.
"Бербок ва Барро Европа Иттифоқи ташқи сиёсати вакили Кая Каллас номидан Суриянинг янги раҳбарлари билан музокаралар олиб боради. Германия Сурияга ҳокимиятни инклюзив, тинч йўл билан топшириш, ижтимоий ярашувга эришиш ва мамлакатни қайта қуришда ёрдам бериш ниятида. Бундан ташқари, Бербок Сурия фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашишни режалаштирган", дейилади Германия Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.
"Асаднинг оғриқли ҳукмронлиги тугади. Сурия тарихида янги боб бошланди, лекин у ҳали ёзилмади. Европа ва Сурия ўртасида янги сиёсий муносабатлар йўлга қўйилиши мумкин", — деди Германия ТИВ раҳбари ташрифдан олдин Spiegel журналига берган интервьюсида
Шу билан бирга, Бербок Сурияда сайловлар ўтказишнинҳ узоқ муддатга ортга сурилиши ёки адлия ва таълим тизимларининг радикаллашуви мамлакатлар ўртасидаги муносабатларни ўрнатиш жараёнига путур етказиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
"Сурияда ҳокимият тепасига келган “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом”нинг мафкуравий жиҳатдан қаердан келиб чиққанини ва унинг ўтмишда нималар қилганини биламиз. Аммо барча шубҳаларга қарамай, ушбу муҳим тарихий даврда Сурия халқини қўллаб-қувватлаш имкониятини қўлдан бой бермаслигимиз керак", — дея таъкидлади Германия Ташқи ишлар вазири.