Бугун 8 январь, 2025 йил, чоршанба

O'ZB

Шарқий Африка ёриғи кенгаймоқда

A A A
Шарқий Африка ёриғи кенгаймоқда

Африка 3200 километрдан ортиқ узунликдаги ёриқ бўйлаб иккига бўлиниши ва бу кутилганидан ҳам тезроқ содир бўлиши мумкин, деб ёзади Билд нашри.

Бунинг сабаби тектоник плиталарнинг силжишидир. Ушбу жараённинг дастлабки белгилари 2005 йилда аниқланган — ўшанда Эфиопияда 50 км дан ортиқ ёриқ кузатилган. 2018 йилда Кенияда ҳам ер ёрилиши юз берган.

Ердаги бу ёриқлар 30 млн йил муқаддам, Африка плитаси ёрилиб кетган вақтда вужудга келган Буюк Рифт водийси устида жойлашган. Ҳозирда ушбу ҳодисанинг оқибатларини сиртдан кўриш мумкин.

Яқин вақтгача геологлар Африканинг икки қисмга бўлиниши учун 5-10 миллион йил керак, деб ҳисоблашган. Бироқ, сўнгги маълумотларга кўра, бу анча олдин содир бўлиши тахмин қилинмоқда. Тулан университети геофизиги Синтия Эбингер шундай деди:

«Биз прогнозни 1 миллион йилга қисқартирдик, эҳтимол бу вақтнинг ярми керак бўлади».

Ёриқ йилига 0,8-2,5 см га ўсиб бормоқда, аммо бу жараён зилзилалар билан тезлашиши мумкин, бу эса аниқ прогноз қилишни қийинлаштиради. Мутахассисларга кўра, охир-оқибат Сомали, Эфиопия, Танзания ва Кениянинг ярми Африка қирғоқлари яқинида улкан орол ҳосил қилади.

Олимлар томонидан тектоник плиталарнинг кўчиш механизмлари, янги геологик тузилмаларнинг ҳосил бўлиши ва бу жараёнларнинг атроф-муҳитга таъсири тадқиқ этилмоқда.

Бўлинган Африка қитъа харитасини тубдан ўзгартириб юбориши мумкин. Ер қобиғининг ёрилиши маҳаллий флора, фауна ва сув ресурсларига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин. Бу ҳодисалар Атлантика океани шаклланишининг дастлабки босқичларига ўхшаб, олимларга Ернинг ўтмишини ўрганиш ва сайёрадаги келажакдаги ўзгаришларни башорат қилиш учун қимматли материаллар тақдим этади, дейилади хабарда.

Киритилди: 17:02 07.01.2025. Ўқилди: 1634 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!