Эроннинг ядро қуролига эга бўлишининг олдини олишга ваъда берган АҚШ президенти Доналд Трамп олдидан Эрон армияси 2025-йилда йиллик машғулотлар сонини деярли икки баробарга оширди.
Бу ҳақда Financial Times нашри Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси вакили генерал Али Муҳаммад Наинийга таяниб хабар берди.
“Бу йил ўзгарувчан таҳдид манзараси муносабати билан машғулотлар сони ўтган йилга нисбатан қарийб икки баравар кўпайди”, деди генерал нашрга.
У мамлакатнинг олти ғарбий ва жанубий вилоятларида икки кун аввал 30 га яқин қуруқлик, ҳаво ва денгиз машқлари бошланганини маълум қилди. Улар март ойининг ўрталарига қадар давом этади.
Нашрнинг қайд этишича, бу машғулотлар “янги таҳдидларга” қарши курашишга қаратилган, аммо аниқ тафсилотлар келтирилмаган.
Трамп биринчи муддатда Эронга нисбатан қаттиқ сиёсат олиб борган ва энди уни давом эттириши мумкин. Унинг ғалабасидан сўнг Теҳрон "ёвуз фронт ўзининг ёвузлиги билан фарқ қилмайди", деди. Трамп АҚШ ва Эрон ўртасида уруш бошланиши мумкинлигини ҳам инкор этмади .