Бугун 3 ноябрь, 2026 йил, сешанба

O'ZB

Германия Олий суди Алишер Усмоновнинг Европа Кенгашига қарши даъвоси блокланишини ноқонуний деб топди

Германия Олий суди Алишер Усмоновнинг Европа Кенгашига қарши даъвоси блокланишини ноқонуний деб топди


Die Welt нашрининг хабар беришича, россиялик миллиардернинг даъво аризаси 2023 йил декабр ойида киритилган. Ишни кўриб чиқаётган судя ҳужжатларни жавобгар томон — Белгияда жойлашган Европа Иттифоқи кенгашига юборишни буюрган. Бироқ Гамбург ери суди раиси Германия Ташқи ишлар вазирлигининг эътирозларига асосланиб, Федерал адлия департаменти билан маслаҳатлашгандан сўнг уларни топширишдан бош тортган.

Германия Олий суди ушбу рад жавобини бекор қилди. Олий суд қарорида Гамбург ери судяси тегишли ҳужжатларни жўнатишга тўсқинлик қилиш ваколатига эга бўлмагани таъкидланди.

"Буни рад этиш ноқонуний ҳамда аризачининг ҳуқуқларини бузди. Шунингдек, Федерал адлия идорасининг Германия ТИВ билан келишилган тавсияси мажбурий хусусиятга эга бўлмаган", дейилади Германия Олий суди қарорида.

Алишер Усмонов Европа Иттифоқи кенгашининг унга нисбатан “ишончсиз” ва “обрўсига путур етказувчи” даъволарини тарқатишни тақиқлашга ҳаракат қилмоқда. Гап миллиардерга қарши санкцияларни асослаш учун Европа Иттифоқи таянган расмий журналлардаги даъволар ҳақида кетмоқда. Хусусан, улардан бири Forbes'да чоп этилганди, унда Алишер Усмоновнинг президент Владимир Путин билан алоқаси борлиги ҳақида мақола эълон қилинган.

Суд қарорига қарамай, Европа Иттифоқи кенгаши санкцияларни асослашда Усмонов Владимир Путин манфаатлари йўлида фаолият юритгани ҳақидаги даъвони чиқариб ташламаган. Бироқ бу жумланинг ифодаланишини ўзгартирган. Усмонов ушбу маълумотлар ҳуқуқларини бузаётганини билдириб, Европа Иттифоқи кенгаши устидан судга даъво киритганди.

Киритилди: 18:57 02.11.2026. Ўқилди: 339 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!