5 июль куни эрталабдан бошлаб Исроил армияси Ғаза секторидаги турли ҳудудларга ҳаво ва дрон орқали ҳужумлар уюштирди. Ҳужумлар натижасида 26 нафар фаластинлик ҳалок бўлди, ўнлаб одамлар яраланди. Зарбалар асосан тинч аҳоли яшайдиган уйлар, мактаблар ва қочқинлар жойлашган палаткаларни нишонга олган.
Ғазанинг Зейтун туманидаги Имам Шафи мактабига берилган зарба оқибатида, қочқинлар паноҳ топган бинода 7 киши ҳалок бўлди, кўплаб жабрланганлар бор.
Шайх Ридвон туманида, Мавхубин мактаби яқинидаги уйга ҳаво ҳужуми натижасида 3 киши, жумладан 2 нафар бола ҳалок бўлди, кўплаб фуқаролар яраланди.
Рафаҳ шаҳрида, Исроил ва АҚШ кўмагида ташкил этилган ёрдам тарқатиш маркази яқинида ёрдам кутаётган тинч фуқароларга қилинган ҳужумда 2 киши ҳалок бўлди, ўнлаб киши жароҳат олди.
Хан-Юнус шаҳридаги Рибат коллежи яқинидаги палаткаларга қилинган зарбада аёл киши ва яна икки фуқаро ҳалок бўлди.
Аль-Маваси туманида бир шифокор ва унинг тўрт нафар фарзанди ҳалок бўлди, улар яшаб турган палаткага берилган зарба ёнғин келтириб чиқарди.
Шунингдек, беспилотник зарбаси натижасида ота ва унинг ўғли ҳалок бўлган.
Мегази ва Бурейж қочқинлар лагерларидаги уйларга қилинган ҳужумлар оқибатида икки ака-ука ва яна икки киши ҳалок бўлгани хабар қилинмоқда.
Исроил ҳужумлари фақат ҳарбий нишонларга эмас, балки тинч фуқаролар ва қочқинлар жойлашган ҳудудларга ҳам қаратилгани ҳолатнинг жиддийлигини яна бир бор тасдиқлади. Исроил расмийлари ҳозирча ушбу ҳужумлар бўйича расмий изоҳ бермаган.