Франция махсус хизматлари Европадаги супермаркетларнинг совутиш ускуналарига яқинда амалга оширилган киберҳужумлар ортида Эрон турганини аниқлаган.
Бу ҳақда Le Figaro газетаси хабардор манбалар маълумотларига асосланиб хабар бермоқда.
«Ушбу ҳужум учун Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси жавобгар эканини тасдиқлай оламан. Бу мисли кўрилмаган кўламдаги ҳужумдир», — деб маълум қилди душанба куни Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ноэль Барро.
Унинг билдиришича, шу муносабат билан Эроннинг Париждаги элчиси Франция Ташқи ишлар вазирлигига чақирилган. Унга «ўта жиддий ушбу ҳаракат» юзасидан қатъий норозилик билдирилган.
«Биз ушбу ҳужум учун жавобгар бўлган барча шахсларга нисбатан Европа даражасида санкциялар жорий этамиз», — дея қўшимча қилди Барро.
Эслатиб ўтамиз, супермаркетларда ўрнатилган совутиш ускуналарига киберҳужумлар дастлаб Францияда бошланган. 11–12 октябрь кунлари хакерлар масофадан туриб, қарийб 700 та супермаркетдаги совутиш ускуналари созламаларини ўзгартирган.
2 ноябрь кунига ўтар кечаси Германия, Швеция, Бельгия ва Финляндиядаги ўнлаб супермаркетлар ҳам киберҳужумга учраган. Кейинчалик Италияда ҳам совутиш ускуналарига ҳужум қилингани ҳақида хабар берилган.