Бугун 16 ноябрь, 2026 йил, душанба

O'ZB

Испания FIFA’га ультиматум қўйди

Испания FIFA’га ультиматум қўйди

Испания футбол федерацияси (RFEF) 2030 йилги Жаҳон чемпионати финалини Испания ҳудудида ўтказиш масаласи муҳокама қилинмаслигини FIFA’га маълум қилди.

Cadena SER хабарига кўра, FIFA делегациясининг Мадридга ташрифи чоғида Испания ФФ президенти Рафаэл Лоусан ва унинг жамоаси ҳал қилувчи баҳс учун Испаниядан ташқаридаги ҳеч қандай муқобил вариантлар кўриб чиқилмаслигини қатъий таъкидлаган. “Сантьяго Бернабеу” стадионида ўтган техник учрашувларда испан томони арена барча талабларга жавоб беришини исботлаб, инспекторларнинг хавфсизлик, инфратузилма ва молиялаштириш борасидаги шубҳаларини йўққа чиқарган.

Шунга қарамай, FIFA’да айрим номзод шаҳарлардаги маҳаллий қонунчилик, солиқлар ва ҳуқуқий тартиб-қоидалар бўйича саволлар сақланиб қолмоқда. Ташкилот маъмурий муаммолар ҳал этилмаса, аллақачон тасдиқланган шаҳарларни рўйхатдан чиқариб ташлаши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. Ушбу вазият Валенсия ва Виго шаҳарларининг якуний рўйхатга кириши учун имконият яратмоқда. Мезбон шаҳарларнинг якуний рўйхати 2027 йил ёзига қадар эълон қилинади, финал ўтказиладиган манзил эса ундан ҳам кечроқ белгиланиши мумкин.

Маълумот ўрнида, 2030 йилги Жаҳон чемпионатига Испания, Португалия ва Марокаш мезбонлик қилади. Бундан ташқари, Уругвай, Аргентина ва Парагвайда турнирнинг биттадан очилиш учрашуви ўтказилади.

Киритилди: 23:45 15.11.2026. Ўқилди: 362 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар