Ўзбекистонда фармацевтика тармоғини жадал ривожлантириш ва аҳолини сифатли дори воситалари билан таъминлашга қаратилган муҳим ҳужжат қабул қилинди. Президентнинг “Фармацевтика тармоғида ишлаб чиқаришни рағбатлантириш ва илмий тадқиқот жараёнларини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони тармоқни янги босқичга олиб чиқишни назарда тутади.
💠 Ҳужжатга мувофиқ, 2026-йилда фармацевтика соҳасида ишлаб чиқариш ҳажмини 8,5 триллион сўмга етказиш режалаштирилган. Бу нафақат иқтисодий кўрсаткичларни ошириш, балки аҳолини маҳаллий дори воситалари билан таъминлаш даражасини яхшилашга хизмат қилади.
💠 Шунингдек, тармоқни ривожлантириш мақсадида 1 миллиард долларлик истиқболли инвестиция лойиҳалари шакллантирилиши, 800 миллион долларлик янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва 300 миллион долларлик экспорт кўрсаткичларига эришиш белгиланган.
💠 Муҳим жиҳатлардан яна бири — 350 турдаги янги дори воситаларини ишлаб чиқаришни ўзлаштириш. Бу маҳаллий фармацевтика бозорини кенгайтириш ва импортга боғлиқликни камайтиришга хизмат қилади.
💠 Фармон доирасида “Ташкент Фарма Парк” инновацион кластери ҳудудини кенгайтириш ва уни минтақадаги илмий-ишлаб чиқариш маркази — “БиоФарма Сити”га айлантириш ҳам кўзда тутилган.
Мазкур Фармон фармацевтика тармоғини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим қадам бўлиб, маҳаллий ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, инновацион технологияларни жорий этиш ва инвестицияларни кенг жалб қилишга хизмат қилади.
Натижада мамлакатда дори воситалари ишлаб чиқариш кенгайиб, аҳолини сифатли ва нисбатан арзон маҳаллий дори-дармонлар билан таъминлаш имкониятлари янада ошади, фармацевтика тармоғининг миллий иқтисодиётдаги ўрни мустаҳкамланади.