Интернет ижтимоий тармоқларида тарқалган "Опен бюджет"га овоз йиғаётган шахсни ИИО ходимлари олиб кетишди мазмунидаги видеохабар Фарғона вилояти ИИБ томонидан ўрганиб чиқилди.
Маълум бўлишича, жорий йилнинг 18 март куни фуқаро Ш.Қ. танишлари билан Ўзбекистон тумани Яйпан бозори олдида, йўлнинг қатнов қисмида автомашиналарга халақит бериб, одамларни атрофига тўплаб, "Опен Бюджет"га овоз йиғаётган пайт, шу ердаги фуқаронинг телефони ерга тушиб кетгани учун ўзаро келишмовчилик келиб чиққан.
Шу сабабли, ИИО ходимлари у ерга етиб боришган. Ходимлар келишмовчиликни бартараф қилиб, фуқаро Ш.Қ.га йўл четида туриб, фаолиятини давом эттириши тушунтирилганда, у ходимларнинг қонуний талабига бўйсунмасдан, фаол қаршилик кўрсатган.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро Ш.Қ.га нисбатан МЖтКнинг 194-моддасига асосан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, суд органига тақдим қилинди. Суд фуқаро Ш.Қ.га нисбатан баъзавий хисоблашнинг тўрт баравари миқдорида жарима жазоси тайинлади.