Исроилнинг ишғол остидаги Ғарбий Соҳилдаги Тулкарм шаҳри ва худди шу номдаги қочқинлар лагерига ҳужумлари 47 кундан бери давом этмоқда.
Исроил армияси Тулкарм ва қочқинлар лагерига қўшимча кучлар юборди, у ерда қўшинлар фаластинликларнинг уйларига бостириб кириб, уларни мажбуран чиқариб юбормоқда, деб хабар берди Фаластин ахборот агентлиги WAFA.
34 кундан бери ҳужумлар давом этаётган Нур Шамс қочқинлар лагерида ҳам Исроил бўлинмалари жойлашган. Аскарлар ўқотар қуроллар ва шовқинли бомбалардан фойдаланадилар. Ҳудуд устида дронлар учмоқда ва портлашлар эшитилмоқда.
Исроил ҳам ҳарбий назоратни кучайтирди, Тулкармга стратегик кириш жойларида мобил назорат пунктларини ўрнатди.
19-январ куни Ғазода ўт очишни тўхтатиш ва Исроил ва ҲАМАС ўртасида асирларни алмашиш бўйича келишув кучга кирди. Бироқ, 21-январ куни Исроил армияси Женин шаҳрида "Темир девор" деб номланган "операция" бошлади.
26 январда ҳужумлар Тулкармга, 2 февралда эса Эл Фариа қочқинлар лагерига ва Тубасдаги Тамун қишлоғига тарқалди. Бир ҳафталик жанглардан сўнг 8 феврал куни Исроил қўшинлари Тамундан чекинди, бироқ 9 феврал куни Нур Шамс лагерига ҳужум қилди.
Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддусда жанглар бошланганидан бери 930 нафар фаластинлик ҳалок бўлди, улардан 168 нафари болалар. 7 мингга яқин киши жароҳатланган.