Европа мамлакатлари жиддий келишмовчиликлар туфайли Украинага янги ёрдам пакетини мувофиқлаштира олмаяпти.
Бу ҳақда Le Monde газетаси дипломатик доиралардаги манбаларга таяниб хабар бермоқда.
"Киевнинг ғарбий иттифоқчилари ўртасидаги саммитлар ва учрашувлар қатори тобора охири кўринмайдиган узун йўлакни эслатмоқда," - дея таъкидлайди нашр.
Асосий баҳсли масалалардан бири тинчлик ўрнатилганидан сўнг Украина ҳудудида ҳарбий кучларни жойлаштириш имконияти бўлиб қолмоқда. Le Monde маълумотларига кўра, Франция қуруқликдаги қўшинларни юбориш ғоясини қўллаб-қувватламоқда, Буюк Британия ва бошқа бир қатор давлатлар эса можаронинг кучайишидан хавотирланиб, Россия-Украина чегарасида парвозлар тақиқланган ҳудуд яратиш билангина чекланишни таклиф қилмоқда.
Украинанинг Европадаги иттифоқчилари АҚШ ва Россия ўртасидаги музокараларда иштирок этмаётгани, бинобарин, муҳокамалар мазмуни ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмаслиги ҳам вазиятни янада кескинлаштирмоқда.
Илгарироқ Франция президенти Эммануэл Макрон Париж ва Лондон Украинага ҳарбий вакилларини юборишини маълум қилган эди. Унинг таъкидлашича, бу Украина қўшинларини алмаштириш эмас, балки мумкин бўлган "тийиб туриш" чораларига тайёргарлик кўришдир.