Бугун 22 октябрь, 2026 йил, пайшанба

O'ZB

Еврокомиссия SpaceX’ни Украинада Starlink фаолиятини тўлиқ тиклашга чақирди

Еврокомиссия SpaceX’ни Украинада Starlink фаолиятини тўлиқ тиклашга чақирди

Европа комиссияси Илон Маскка тегишли SpaceX компаниясини Украинада Starlink сунъий йўлдош интернети хизматини тўлиқ ҳажмда зудлик билан тиклашга чақирди. Бунга тизимдаги алоқа тезлиги чеклангани ҳақидаги хабарлар сабаб бўлди.

Европа комиссияси вакили Томас Ренье Брюсселдаги брифингда Starlink фаолияти секинлаштирилгани ҳақидаги хабарлар жиддий хавотир уйғотаётганини билдирди.

Унинг таъкидлашича, Украина аҳолини ҳимоя қилиш, ҳарбийлар ўртасидаги алоқани таъминлаш ва учувчисиз учиш аппаратларини бошқариш учун ушбу тизимга муҳтож.

«SpaceX Украинага хизматларни тўлиқ ҳажмда кўрсатишни зудлик билан тиклаши керак», — деди Ренье.

Европа комиссияси вакили Россия-Украина уруши Европанинг хавфсизлиги космик инфратузилмага боғлиқлигини кўрсатганини ҳам қайд этди. Унинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқи ўзининг IRIS² сунъий йўлдош алоқа тармоғини ривожлантиришда давом этмоқда. Лойиҳа фуқаролик ва ҳарбий мақсадлар учун ҳимояланган алоқани таъминлайдиган 348 та сунъий йўлдошни ўз ичига олади.

Аввалроқ Украина президенти Владимир Зеленский Starlink мамлакатда бутунлай ўчирилмаганини, бироқ тезлик чекловлари айрим ҳарбий ва гуманитар вазифаларни бажаришни қийинлаштирганини маълум қилган эди.

Украина президентининг мудофаа технологиялари бўйича маслаҳатчиси Сергей Бескрестнов чекловлар StarShield ҳарбий алоқа хизматига ҳам таъсир қилганини билдирган. Унинг айтишича, Украина мудофаа кучлари бу чоралар ҳақида олдиндан огоҳлантирилмаган ва натижада айрим вазифаларни бажаришда узилишлар юзага келган.

Чекловларнинг жорий этилиш сабаблари ва уларнинг аниқ кўлами ҳозирча тўлиқ тасдиқланмаган.

Киритилди: Бугун 09:35. Ўқилди: 280 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!