Эроннинг тонгдаги зарбалари тўрт жойда нишонга етиб борган. Учта зарба Марказий Исроилда, хусусан Тел-Авив атрофидаги Гуш Дан ҳудудида қайд этилган. Ҳолон шаҳридаги бир бино бутунлай қулаб тушгани ҳақида хабарлар бор. Яна бир зарба Сорока касалхонаси яқинидаги ҳудудга берилган.
Бу касалхона — Исроилдаги энг йирик тиббиёт марказларидан бири бўлиб, айни пайтда Ғазодан келтирилган ярадор аскарларни қабул қилмоқда. Ракеталар бевосита касалхонани нишонга олмаган, балки ёнидаги бинога зарба берилган. Бироқ касалхонанинг ўзи ҳам кучли зарар кўрган ва тиббиёт ходимлари аҳолига у ерга яқинлашмасликни сўраган.
Бундан ташқари, пайшанба куни Эрон ракеталари Тел-Авив минтақасидаги Рамат Ган ҳудудига ва Фонд биржаси биносига ҳам зарар етказган.
Эрон расмий ахборот агентлиги (IRNA) берган баёнотида, бугунги тонгдаги ракета ҳужумининг “асосий нишони” — Исроил армияси бош штаби ва разведка маркази (IDF C4I ) бўлиб, у Гав-Ям технологик паркида жойлашганини билдирган. Бу объект Беъер-Шева шаҳридаги “Сорока” касалхонаси ёнида жойлашган.
IRNA'га кўра, касалхонага етган зарар фақат зарбанинг портлаш тўлқинлари оқибатида келиб чиққан, яъни тўғридан тўғри нишонга олинмаган. "Ҳарбий инфратузилма аниқ ва бевосита нишонга олинган", дейилади хабарда.