Теҳрон ва Вашингтон Эрон ядро дастури атрофидаги инқирозни ҳал қилиш масаласида воситачилар орқали хабар алмашишда давом этмоқда.
Бу ҳақда Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Аббос Арағчи маълум қилди.
"АҚШ билан мулоқот воситачилар орқали давом этмоқда. Америкаликлар ўзаро ҳурмат асосида музокаралар олиб боришга тайёр бўлган кунга биз ҳам тўлиқ тайёр бўламиз. Ҳуқуқларимиз ва манфаатларимизни ҳурмат қилиш керак", — деди у.
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Теҳрон аввалги шартларда музокара столига қайтмаслигини қайд этди; мавжуд вазиятни ҳисобга олган ҳолда янги асосда келишиб олиш керак бўлади.
Арағчининг сўзларига кўра, Европа давлатлари билан БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Эронга қарши санкцияларини тиклаш ташаббуси бўйича ҳам музокаралар давом этмоқда. "Учта Европа давлати (Буюк Британия, Германия ва Франция) катта хатога йўл қўйиб, snapback механизмига мурожаат қилишди. Аслида ҳаммаси мураккаблашди. Музокаралар давом этмоқда, умид қиламанки, биз ўзаро тушунишга эришамиз", - дея қўшимча қилди у.